Муддатидан аввал чемпионликни нақт қилган ўринбосарларимиз, учинчи ўрин учун курашаётган "Бунёдкор"га 3:1 ҳисобда имкониятни бой бердилар.
Жамоамиздан фарқли равишда 2009 йилги мавсум чемпионларига очко сув ва ҳаводек зарур эди. Агар, Муборакдаги ўйинда "Машъал" имкониятни бой берадиган бўлса ва Ҳикмат Эргашев шогирдлари ғалаба қозонсалар, ўзаро ўйин натижасига кўра "Бунёдкор" учинчи ўринни қўлга киритар эди. Якунда шундай бўлди ҳам. "Бунёдкор" Қибрайда, "Навбаҳор" Муборакда ғалаба қозонди.
Бевосита ўйинга тўхталар эканмиз, учрашув бош ҳаками ўйин тизгинини қўлидан чиқариб юборганлигини такидлаб ўтиш лозим. Аввалига Рўзим Аҳмедовга нисбатан ишлатилган қўполликни беэътибор қолдирган ҳакам, сўнг уни асоссиз майдондан четлатди. Ҳакам бу вазиятда Аҳмедовни ўз манзилига ҳақоратли сўз айтди деб баҳолади. Аслида Аҳмедов рақиб футболчисига эътироз билдирган эди холос. Шерзод Қосимов ҳатосини тузатиш мақсадида иккинчи қўпол ҳатога йўл қўйди. Бу сафар у шубҳали тарзда "Бунёдкор" футболчисини майдондан четлатди.
Ҳакамнинг ҳатоларини инобатга олмаганда ўйин қизиқарли кечди. Асосан "Пахтакор" ҳужум қилган бўлсада, қарши ҳужумдан "Бунёдкор" самарали фойдаланди ва ҳақли равишда баҳсдаги уч очкони қўлга киритди.
ПАХТАКОР - БУНЁДКОР 1:3 (1:2)
Голлар: Рўзим Аҳмедов -Миразиз Жалолов, Дониёр Ҳасанов ва Сардор Рашидов
Четлатишлар: Рўзим Аҳмедов -Обид Ҳакимов